воскресенье, 10 февраля 2013 г.

Биз кутган онлар етиб келди

Европа Чемпионлар Лигасининг 1/8 финал учрашувлари 12 февраль куни бошланишидан хабарингиз бор албатта. Ҳозирданоқ барча мухлислар "МЮ" - "Реал" ва "Барса"-"Милан" учрашувларини интизорлик билан кутаётгани турган гап. Бошқа жуфтликлардаги ўйинлар ҳам қизиқарли бўлади, аммо юқоридагилар каби эмас. 

Айни дамда дунёнинг энг кучли клуби бўлиб турган "Барселона"ни кимдур тўхтата оладими? Сэр Алекс бошчилигидаги "қизил иблислар", "қиролик клуби"ни тиз чўктира олармикан? Амалдаги Германия чемпиони ўзининг Европадаги омадли юришини давом эттира оладими? Ушбу саволларнинг барчасига жавобни бир ойдан сўнг билиб олишимиз мумкин. 
Ҳозир эса жуфтликларнинг имкониятлари хусусида тўхталиб ўтамиз. 

«Селтик» — «Ювентус» 
Шубҳасиз ушбу жуфтликнинг аутсайдери ўз-ўзидан «Селтик» клубидир. Аммо ЕЧЛ да ҳар нарсани кутиш мумкин. Ким ҳам ўйлаганди дейсиз, камтарингина Шотландия чемпиони ўз майдонида кимсан Европа гранди "Барселона"ни доғда қолдиради деб. Мобода "кельт"лар бошларидан бир поғона юқори сакраб "Юве"ни ортда қолдиришса борми, хақиқий мўжизани амалга оширган бўлишади. Зеро, бу босқичда аввал ҳам кўпгина клублар рақибни менсимаганлари учун яхшигина жазоланишган. Бунга яққол мисол сифатида "Лион"-"АПОЕЛ" баҳсини келтиришимиз мумкин. Шундай экан, Италия чемпионига осон бўлмаслиги турган гап. 

Кейинги босқичга чиқиш имконятлар: 30-70 ҳисобда баҳоланмоқда. 
Дастлабки учрашув: 2013 йилнинг 12 феврал куни
Жавоб учрашуви: 2013 йилнинг  6 март куни бўлиб ўтади. 

«Валенсия» — «Пари Сен-Жермен» 
Ушбу гуруҳда парижликларнинг имкониятлари юқори баҳоланмоқда. Айни дамда ПСЖда Тиаго Силва, Грегори ван дер Вил, Тиагу Мотта, Дэвид Бекхэм, Златан Ибрагимович каби юлдузларнинг борлиги ҳам жамоага кейинги босқичга чиқиш учун катта ёрдам бериши турган гап. Дастлабки учрашувда ПСЖни дуранг ҳам қониқтиради. Жавоб баҳси эса Франция пойтахтида бўлиб ўтади. Французлар эса, ўз майдонларида қандай ўйнашни яхши билишади. 

Кейинги босқичга чиқиш имконятлар: 30-70 ҳисобда баҳоланмоқда. 
Дастлабки учрашув: 2013 йилнинг 12 феврал куни
Жавоб учрашуви: 2013 йилнинг  6 март куни бўлиб ўтади. 


«Реал» — «Манчестер Юнайтед» 
Ушбу жуфтликдан бирон бир клубни яққол фаворит деб ажратишнинг ўзи амри маҳол. Кўп мухлислар, таркиб бўйича "Реал"ни кучли дейишлари мумкин. Аммо “МЮ” ҳам таркиб борасида рақибдан кам эмас, Руни, ван Перси, Чичарито каби номларни тилга олишнинг ўзи кифоя. “Реал” бор эътиборини шу ўйинга қаратиши турган гап. Зеро, “қироллик клуби” Ла Лига чемпионлиги билан амалда хайрлашиб бўлган. Йўқотадиган ҳеч нарсаси қолмаган қиморбозга ўхшаб борини шу ўйинга тикиши турган гап. Жароҳатлар борасида икки клубда ҳам муаммолар етарли. “Реал”дан шу куни Икер Касильяс майдонга тушмаса, “МЮ”дан жароҳати туфайли Майкл Керрик ва Неманья Видич ушбу ўйинни ўтказиб юборишади.

Бу жуфтликдан қайси клуб чиқишидан қатъий назар, финалга қадар етиб бориши турган гап. 

Кейинги босқичга чиқиш имкониятлари: 50 - 50 ҳисобда баҳоланмоқда. 
Дастлабки учрашув: 2013 йилнинг 13 феврал куни
Жавоб учрашуви: 2013 йилнинг  5 март куни бўлиб ўтади. 


«Шахтёр» — «Боруссия» 
«Шахтёр» ўз майдонида амалдаги ЕЧЛ ғолибини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ҳатто, ушбу гуруҳдан «Челси»нинг чиқа олмагани ҳам “кончилар”нинг қандай қудратга эга эканликларидан далолат бериб туради. «Шахтёр» ўз майдонида имкон қадар кўпроқ гол уриб, дарвозаси даҳлсизлигини ушлаб қолиши талаб этилади. Дортмунднинг “Боруссия”си эса ўлим гуруҳидан Испания, Англия ва Голландия чемпионларини ортда қолдириб, кейинги босқичга етиб келганининг ўзи ҳам «Шахтёр»га осон бўлмаслигини англатиб турибди. Украина ва Германия чемпионларининг ўзаро баҳси ҳеч кимни беэътибор қолдирмаса керак. 
  
Кейинги босқичга чиқиш имконятлари: 50-50 ҳисобда баҳоланмоқда. 
Дастлабки учрашув: 2013 йилнинг 13 феврал куни
Жавоб учрашуви: 2013 йилнинг 5 март куни бўлиб ўтади. 


«Арсенал» — «Бавария» 
«Арсенал»га бу сафар яна немис клуби дуч келди. Қуръанинг кўзи кўр деб бежизга айтишмаган. Арсен Венгер бирон бир режа ўйлаб топмаса бўлмайди. Рақиб кимсан, Бундеслига гиганти – “Бавария”. “Бавария” ҳудди “Арсенал” каби ҳужумкор футбол тарафдори. Шундай экан, ўйин қизиқарли ўтиши турган гап.  

Кейинги босқичга чиқиш имкониятлари: 40-60 ҳисобда баҳоланмоқда. 
Дастлабки учрашув: 2013 йилнинг 19 феврал куни
Жавоб учрашуви: 2013 йилнинг  13 март куни бўлиб ўтади. 

«Порту» — «Малага» 
Тенг кучлилар ўртасидаги навбатдаги тўқнашув. Кейинги босқичга чиқиш учун ҳар икки клубда ҳам имкониятлар деярли бир хил. Аммо «Порту»нинг имконияти сал юқорироқ. “Аждарлар” Португалия чемпионатида етакчиликни ўз қўлларига олишган. Жамода кайфият ўта юқори даражада. «Малага» нинг  айни дамдаги аҳволи у қадар ҳам яхши эмас. Мануэль Пеллегрини шогирдлари Ла Лигада барқарор ўйин намойиш эта олишмаяпти. Кадрлар борасида ҳам «Малага»да муаммолар етарли. Бу ўйинларда испан клубига осон бўлмаслиги турган гап. 

Кейинги босқичга чиқиш имконятлар: 55-45 ҳисобда боҳоланмоқда. 
Дастлабки учрашув: 2013 йилнинг 19 феврал куни
Жавоб учрашуви: 2013 йилнинг 13 март куни бўлиб ўтади. 

«Милан» — «Барселона» 
«Барселона»ни ушбу жуфтликнинг яққол фаворити дея оламиз. «Барселона» ҳеч қандай қийинчиликларсиз «Милан» тўсиғидан ўта олади. Нега дейсизми? Биринчидан, каталонияликлар ўтган йилгига қараганди кучли ўйин намойиш қилишмоқда. Иккинчидан, «Милан» 2010 йил ўрталаридаги салоҳиятини йўқотган. «Камп Ноу» да бўладиган баҳсда «Барселона» рақибни истаган ҳолга солиши мумкин. Шунинг учун, миланликлар ўз майдонларида кўпроқ гол уриб, дарвозалари даҳлсизлигини ушлаб қолишлари талаб этилади.  

Кейинги босқичга чиқиш имкониятлари: 35-65 ҳисобда баҳоланмоқда. 
Дастлабки учрашув: 2013 йилнинг 20 феврал куни
Жавоб учрашуви: 2013 йилнинг  12 март куни бўлиб ўтади. 


«Галатасарой» — «Шальке-04» 
«Шальке-04»нинг ўтган йилги кароматларини эсга олсак, немис вакилининг кейинги босқичга чиқиш имкониятлари юқорироқ. «Галатасарой» эса, қишки трансфер бозорида таркибини Дрогба ва Снейдер каби футболчилар билан кучайтириб олди. Демак, бу ўйинлар ҳам қизиқарли ўтиши турган гап.  

Кейинги босқичга чиқиш имкониятлари: 50-50 ҳисобда баҳоланмоқда. 
Дастлабки учрашув: 2013 йилнинг 20 феврал куни
Жавоб учрашуви: 2013 йилнинг  12 март куни бўлиб ўтади.